Вы здесь

Хоразм Маъмун академияси ўтмишда ва ҳозир. Хоразм Маъмун академияси ташкил топганлигининг 1000 йиллигига боғишланади. МУҚАДДАС ДАРГОҲ. Сўз боши (И. С. Байджанов)

© Ибадулла Самандарович Байджанов, 2016

© Рустам Ибадуллаевич Самандаров, фотографии, 2016


Редактор Абдулла Сафоев

Корректор Махмуд Ибадуллаевич Самандаров

Корректор Бахром Ибадуллаевич Самандаров


ISBN 978-5-4483-2622-6

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

Xoразм Маъмун академияси ташкил топганлигининг

1000 йиллигига бағишлаб ўтказилган“Xoразм Маъмун академияси: ўтмишда ва ҳозирда» мавзусидаги илмий- амалий анжуман материаллари




Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллигига бағишланади


Хоразм Маъмун академияси илм-маърифат сарчашмаси. Ўзбек халқи довруғини дунёга танитган муқаддас маскан.

Ушбу илмий маърифий тўпламга Урганч қурилиш касб- ҳунар коллежида Урганч Давлат университети олимлари билан ҳамкорликда Хоразм Маъмун академияси фаолиятига оид бўлиб ўтган илмий-амалий анжуман материаллари киритилди.

Тўплам тарихчи, қадимшунос, филолог ва биолог олимлар, қишлоқ, сув хўжалиги, меъморчилик, қурилиш мутахассислари ҳамда талабаларга мўлжалланган.

Сўз боши муаллифи ва нашрга тайёрловчи меъморчилик фанлари номзоди

И. С. Байджанов.


Таҳрир ҳайъати:

И. С. Байджанов,

Қ. Собиров,

М. Жуманиёзова,

А. Сафоев.


Тақризчи: Р. Йўлдошев


Жамоавий тўплам. «Хоразм Маъмун академияси ўтмишда ва ҳозир». Нашрга тайёрловчи И. С. Байджанов.


·


Тўплам Урганч қурилиш касб-ҳунар коллежи ҳамда Урганч Давлат университети илмий кенгашлари томонидан муҳокама қилиниб, маъқулланган ва нашр қилиш учун тавсия қилинди.

Хоразм вилоятида содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар, келажагимизнинг пойдеворини барпо этиш, ҳаётимизни

янада обод қилиш йўлидаги асосий бунёдкорлар

мана шу юртнинг заҳматкаш, кўпни кўрган, эртанги кунга

катта ишонч билан қараб яшаётган халқдир. Бу ишга

ўзининг ҳалол меҳнати билан муносиб ҳисса қўшаётган

ҳар бир юртдошимиздир.

Ислом КАРИМОВ

МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Сўз боши

Хоразм ноёб маданият, нафис санъат, юксак маърифат, турмушнинг доно фалсафий ва инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган адабиёт ва шеърият маскани, дунёвий илм ўчоқларидан бири эканлиги қувончли воқеадир. Хоразм воҳасининг тарихий-маданий мероси бевосита илм фан, шу билан бирга меъморчилик санъатининг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқдир.

Муҳтарам Президентимиз 1997 йил 20 октябрда бутун дунё миқёсида нишонланган қадим Хиванинг 2500 йиллик юбилейига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган табрик нутқида илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намоёндалари қатори бетакрор тарихий обидалар, иморатлар бунёдкорлари шаънига ҳам илиқ сўзлар, қимматли фикрлар билдирган эдилар. Юртбошимиз шу анжуманда одамзод тарихидаги илк академия бизнинг заминимизда ташкил топганлигини алоҳида таъкидлаб, уни қайтадан ташкил этиш кўп улуғ иш бўлишини эътироф этган эдилар. Орадан кўп ўтмай 1997 йил 11 ноябрда Ўзбекистон Ре спубликаси Пре зидентининг «Хоразм Маъмун Академиясини қайтадан ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Хива шаҳрига кираверишдаги ажойиб тарихий обида-Қўша дарвоза билан ёнма-ён жойлашган салобатли, муҳташам бинода мана тўққиз йилки, Хоразм Маъмун Академияси фаолият кўрсатиб келмоқда.

Мустақиллигимиз шарофати, юртбошимиз ташаббуси, саъй харакатлари билан қайтадан ташкил этилган бу академия республикамиз илм аҳли, айниқса хоразмликлар учун кенг имкониятлар яратди. Ўзбекистонимизнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, уни жаҳон илмий ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш, минтақаларда илм- фанни янада ривожлантириш, истеъдодли, қобилиятли, элим деб, юртим деб ёниб яшашга қодир фидоий олимларни қўллаб-қувватлаш, миллий урф-одат, қадриятларимизни улуғлаш, Ватанимиз тарихини чуқур ўрганиш, боболаримиздан қолган бой меросни асраб-авайлашда академия фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Хоразм дунё маданий тараққиётига салмоқли улуш қўшган, ўзининг бой тарихи, юксак маънавияти, ноёб обидалари, ҳунарманд- чилиги, деҳқончилиги билан жаҳонга танилиб келаётган муқаддас заминдир. Хоразм ўзбек давлатчилигига асос солинган, дунё халқлари- нинг қўлёзмаси «Авесто» асари яратилган табаррук диёрдир. XII – XIV асрларда элимизга ташриф буюрган араб сайёҳлари Ёқуб Ал Хамавий, Ибн Батуталар дунёдаги ҳеч бир ўлкада Хоразмдагидек олийжаноб, маърифатпарвар, ҳунарманд, меҳмондўст элни кўрмадим деб ёзиб қолдирганлар. Дарҳақиқат, дунё илм фанига асос солган буюк сиймолар, донишманд алломалар Хоразм фарзандлари, Хива дилбандлари. Бутун жаҳонда ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳзада миллионлаб кишилар мурожаат қилиб келаётган-Ал жабр, алгоритм алгебра фанига хоразмлик буюк аллома Мухаммад Мусо Ал Хоразмий асос солган. Ер шари глобусини бизнинг ватандошимиз Абу Райхон Беруний (Маъмун Академиясининг илк раҳбари) яратган. Атлантика уммони ортида Америка қитъаси борлигини Христофор Колумбдан 500 йил олдин башорат этиб, ҳаттоки унинг харитасини чизиб қолдирган ҳам Абу Райхон Беруний хазратлари бўладилар. Мана бу эътирофга эътибор беринг: «Дунёдаги барча қишлоқлар жамланиб, Хоразмнинг биргина Замахшар қишлоғига фидо бўлса арзийди. Чунки бу қишлоқ минг йилларда бир марта келиши мумкин бўлган Маҳмуд Аз Замахшарийдек алломани дунёга келтирди». (Ибн Ваххос-Маккаи Мукаррама Амири). Замаҳшарий элликдан ошиқ нодир асарлар ёзиб қолдирган. Араб грамматикасига асос солган. «Жоруллоҳ» яъни «Худонинг қўшниси» деб эъзозланган.

Шайх Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Мунис, Аваз Ўтар, Комил Хоразмий, Саййид Муҳаммад Раҳимхон Соний- Феруз каби буюк сиймолар, ардоқли алломалар шу табаррук заминда яшаб камол топганлар.

Х аср охирида-1004 йилда ташкил қилинган «Дорул-хикма» Маъмун Академиясида ҳам Шарқнинг кўплаб илм соҳиблари турли фан йўналишлари бўйича қатор изланишлар олиб бориб, ўз фаолиятлари билан жаҳон илм фани ривожига муносиб хисса қўшдилар. Хоразм Маъмун Академияси сардори ва раҳномаси Абу Райхон Беруний «Минерология», «Геодезия», «Ҳиндистон» каби бир юз элликдан ошиқ ноёб асарлар ёзиб қолдирди, юқорида таъкидлаганимиздек буюк кашфиётлар яратди. Абу Али Ибн Сино ўзининг қатор асарлари, жумладан, дунёга машҳур «Тиб қонунлари» асарини айни Маъмун Академиясида ишлаб юрган кезлари ёзган. Абу Саҳл Масиҳий, Абулҳайр ибн Хаммор, Абу Абдуллоҳ Илоқий, Ибн Масковайх, Умар Исфахоний, Абу Абдуллох ибн Иброҳим ан-Нотилий (Ибн Синонинг хоразмлик илк устози), Ибн Ироқ, Журжоний, Муҳаммад ас Саорибий каби ўнлаб етук алломалар Маъмун академиясидаги фаолияти билан жаҳон илм-фани тараққиётига улкан улуш қўша олдилар. Астрономия, кимё, риёзиёт (математика) тарих, фалсафа, табобат фанларини айниқса юқори даражада ўрганиб, бошқаларни ҳам баҳраманд этганлар. Маъмун Академияси алломаларининг яратган асарларидан таралаётган нурафшонлик, ёғду, зиё асрлар ўтсада истиқболга хизмат қилаётганлиги, мамлакат равнақи учун дастуриламал бўлиб қолишидан далолат бериб турибди.

Ўтган қисқа йиллар ичида Хоразм Маъмун Академиясида сезиларли, муайян ишлар амалга оширилди. Академия таркибидаги «Археология, тарих ва фалсафа» бўлимида «Хоразмда қадимги ва ўрта асрлар ўзбек давлатчилиги», «Ўзбек халқининг этник тарихида Хоразм воҳасининг ўрни», «Хоразм вилояти археологик ёдгорликларини тадқиқ қилиш» бўйича илмий изланишлар олиб борилди. Хива хонлигига асос солиниши, шу даврлардаги ижтимоий, иқтисодий вазиятлар, Хива хонлиги давлатчилигидаги бошқарув тизими, давлат хужжатлари, шу жумладан чет элларда Хива хонлигига оид архив хужжатлари, илмий мерос чуқур ўрганилмоқда. «Биология муаммолари» бўлимида эса «Хоразм воҳаси тупроқ-иқлим шароитида истиқболли, серҳосил, касалликларга ва зараркунандаларга чидамли ўсимликлар навларини ўрганиш ва яратиш», «Хоразм вилояти шароитида асосий оралиқ, такрорий экинлар парвариши самарали технологиясини жорий қилиш», «Маккажўхори уруғчилиги тизимини барпо қилиш», «Қуйи Амударё минтақаси тупроқларининг сув-туз режимини яхшилайдиган коллектор- заҳкаш тизимларининг иш режимини бошқариш усулларини ишлаб чиқиш» каби муҳим мавзуларда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Академияда фанга нобюджет маблағларни кенг жалб қилиш, хорижий илмий марказларнинг фаолиятидан кенг фойдаланиш ва хўжа- лик шартномалари асосида бажариладиган ишларга эътибор кучайти- рилмоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида олимларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ўқув дастурлари, қўлланмалар яратишда олий ва ўрта таълим тизими билан самарали ҳамкорлик қилинмоқда. Академия қошида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи «Доривор ўсимликлар боғи» ва «Планта» илмий ишлаб чиқариш маркази мавжуд. 26 илмий ходим, шу жумладан 5 фан доктори, 9 фан номзодлари муҳим мавзуларда илмий тадқиқот ишлари олиб бормоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллигини нишонлаш тўғрисида» қабул қилган қарори бутун элдошларимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Шу асосда алоҳида тадбирлар, режалар белгилаб олинган эди. Уларни амалга ошириш тезкорлик, изчиллик, уюшқоқлик ва энг асосийси юқори сифат, юксак дид билан олиб борилди. Урганч аэропортидан то Хивага келгунча катта магистрал йўл таъмирланди. Хоразм Маъмун Академияси биносининг ичкариси ва ташқариси ҳам дунё андозалари асосида тўла таъмирланди. Янги жиҳозлар, ускуналар, ўқув қўлланмалари, кўргазма- ли воситалар келтирилди. Энг замонавий компьютерлар олимлар, тадқиқотчилар хизматида. Республикадаги ва академиянинг ўзидаги нашриётларда юбилейга бағишланган китоблар, буклетлар, плакатлар чоп этилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Урганч Давлат Дорил- фунуни, Урганч қурилиш касб-ҳунар коллежи, Хива педагогик касб- ҳунар коллежи ҳамда ЮНЕСКО халқаро жамияти билан ҳамкорликда қатор илмий анжуманлар ўтказилди. Дунёнинг 20 дан ортиқ кутубхоналари ва музейларида мавжуд Академия ҳаётига оид хужжатлардан нусхалар олинди.

Кенг миқёсда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, бунёд- корлик ишлари олиб борилди. Академия биноси билан ёнма-ён аллома- лар ҳиёбони, амфитеатр барпо этилмоқда. Боғ, гулзорлар яратилди. Фавворалар ўрнатилди. Чиройли панноларда Республикамизнинг мустақиллик йилларидаги ютуқлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳонаро нуфузи намоён бўлиб турибди.

Хоразм Маъмун Академияси юбилейи муносабати Хивада «Компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи» қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Қадимий ва ҳамиша навқирон Хива меҳмонларга мунтазир. Ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳар, миллати- миз фахри, Шарқ гавхари бўлган Хива бағрида яна бир улуғ байрам- Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллиги тантаналари шукухи қалбларимизни яйратади, дўстлигимизни мустахкамлайди, меҳнат ғалабаларига, ижодга ундайди.

Истагимиз-бундан буён ҳам Ўзбекистонимиз довруғини ошириш йўлида ҳормай-толмай фаолият кўрсатиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, буюк келажагимизни яратиш ишига муносиб ҳисса қўшиш! Бу борада республикамиздаги нуфузли илм ва касб-ҳунар даргоҳларидан бири бўлган бизнинг Урганч қурилиш касб-ҳунар даргоҳимиз ҳам қизғин ва жўшқин фаолиятини изчил давом эттирмоқда. Буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларини тайёрлаш учун бутун куч-имконият, тажриба ва билимларимизни ишга соламиз.

Аҳил жамоамиз педагоглари, мутахассислари, талабалари чуқур ҳис қиладилар, яхши биладиларки бизнинг беқиёс воҳамиз, гўзал, табаррук, муқаддас юртимиз азалдан ўзининг бунёдкорлик ишлари намуналари, муҳташам иморатлар, иншоотлар, ноёб меъморчилиги билан жаҳон аҳлини лол қолдириб келмоқда. Бу бежиз эмас албатта. Қурилиш ва меъморчилик ривожланиб, юксак чўққиларга чиқиши, оддий иморат ёки иншоот эмас, балки нафис санъат асарига айланлиги аждодларимиз илм-фан сирларини чуқур билганлигидан далолат беради.

2006 йилда инсоният тарихидаги илк илм маскани – Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллиги кенг нишонланади. Ана шундай хайрли ишга ўқув юртимиз жамоаси ўзининг муносиб тухфалари билан ўз ҳиссасини қўшмоқда. Юбилей арафасида нашрдан чиққан «Шаҳар мухити ва уни ташкил этиш» номли рисола бу йўлдаги қадамлардан бири бўлган бўлса, 2006 йил 28 апрель куни коллеж педагогик жамоаси ва Урганч Давлат университети билан ҳамкорликда ўтказилган илмий- амалий анжуман материалларини ўзига жамлаган ушбу тўплам ёшларга, олий ва ўрта махсус таълим юртларида таълим олаётган талабаларга ва илм изловчи ҳар бир кишига Ватанимиз бой тарихини ўрганиш ва келгуси авлодларга етказишда амалий аҳамиятга эга бўлиб қолишига ишонч билдираман.

Таниқли олимлар билан бир қаторда эндигина ҳаётга қадам қўяётган ёш талабаларнинг ёзган илмий мақоласи, ишлаган портретлари ҳам ушбу тўпламга киритилгани уларни келгусида буюк аждодларимиз изидан бориб, илм-фан чўққиларини эгаллашларига ёки мукаммал санъат асарлари ярата оладиган меъморлар, рассомлар бўлиб етишишларига умид уйғотади.

Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллиги тантаналари шукуҳи ҳар биримизга катта умид, келажакка ишонч, мустақиллиги- мизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш туйғуларини уйғотади.


И. С. БАЙДЖАНОВ,

Урганч қурилиш касб-ҳунар Коллежи

директори, меъморчилик фанлари номзоди

Давлетов Санжарбек Ражабович, т. ф. н.

(Урганч Давлат университети)


Хоразм маъмун академияси ташкил топишининг тарихий негизлари


Давлетов Санжарбек Ражабович, т. ф. н. (Урганч давлат университети)


Кўҳна Хоразмнинг бой ўтмиш тарихи минг йилларга бориб тақалади. Бу табаррук замин дунёга Мусо ал-Хоразмий ва Абу Райхон Беруний, Маҳмуд Замаҳшарий ва Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд ва Огаҳий сингари буюк зотларни берган. Бундан минг йил аввал шу муқаддас заминда «Дорул ҳикма ва маъриф» ёки «Мажлиси уламо» номи билан машҳур бўлган Шарқнинг қадимий илмий марказини вужудга келганлиги Марказий Осиё халқлари ҳаётида катта воқеа бўлди. Дарҳақиқат, XI аср бошида Хоразмшохлар пойтахти Гурганжда Хоразмшоҳ Али Ибн Маъмун ва Маъмун ибн Маъмуннинг саъй харакати ҳамда қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг бевосита раҳнамолигида «Дорул ҳикма ва маъриф» ташкил қилинган эди. Фаннинг долзарб муаммолари билан шуғулланган бу илм даргоҳи шундан икки аср аввал Боғдодда фаолият кўрсатган «Байтул ҳикма» ҳамда Ўрта Осиё, хусусан Хоразмда шаклланган қадимий илмий-маърифий анъаналарни давом қилдириб, жаҳон илм-фани тараққиётида муносиб ўринни эгаллади. Бу илмий жамоа Хоразмшоҳлар шуҳратини орттириш мақсадини кўзлаган бир гуруҳ олим, адиб, шоирларнинг тасодифий йиғини эмас эди. Бошқача айтганда у қуруқ ерда тасодифан вужудга келмади, аксинча ўзининг мустаҳкам тарихий негизларига эга эди. Маъмун Академияси аввало кўхна Хоразмнинг узоқ ўтмишдаги илм-маърифат илдизлари билан бевосита алоқадор, шунингдек, у илк ўрта аср Уйғониш даври маданий юксалишининг қонуний натижаси бўлди. Зеро кўҳна Хоразмда айниқса, фалакиёт (астрономия), риёзиёт (математика) ва бошқа илмларга бўлган қизиқиш анча эрта вужудга келган.

Кишилик цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири бўлган Хоразм Ислом Каримов таъбири билан айтганда, илк ўзбек давлатчилигининг тамал тоши қўйилган муқаддас ўлкалардан биридир. Инсониятнинг маънавий бойлиги бўлган зардуштийлик дини ва муқаддас «Авесто» китоби айнан шу гўзал заминда яратилган, Қадимий Шарқнинг дастлабки комусий асари «Авесто» – аждодларимизнинг инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган минг йиллик диний- фалсафий, илмий-маърифий қарашларини ўзида мужассам қилган. Бундан уч минг йил аввал шу муқаддас заминда сунъий суғоришга асосланган юксак деҳқончилик маданияти, ноёб ирригация иншоотлари, гўзал шахарлар ва махобатли меъморий қурилишлар бунёд этилганки, негизида ўз ёзувларига эга бўлганлиги уларнинг саводҳон ва маърифатли кишилар бўлганлигини кўрсатади. Ўтган аср ўрталарида Хоразмнинг Тупроқ қалъа, Аёз қалъа, Қўйқирилган қалъа, Хазорасп ва бошқа антик қалъаларида акад, С.П.Толстов, Я.Ғ.Ғуломов, И.Ю.Якубовский ва бошқа қадимшунос олимлар томонидан топилган қадимги ёзув намуналари, рўзғор буюмлари, заргарлик ашёлари, нозик дид билан ишланган хайкаллар, сарой деворларига ясалган рангдор тасвирлар, Қўйқирилган қалъадаги қадимги расадхона ва илк астрономик асбоблар, буларнинг барчаси Хоразмда антик даврда маданий юксалишнинг юксак даражада бўлганлигини кўрсатади.

Берунийнинг гувоҳлик беришича қадимги хоразмликларда деҳқончилик ишлари билан алоқадор ўзларининг тақвим-календар тизими бўлган. Қишлоқ хўжалиги ишларини даврий режалаштириш эхтиёжи Хоразмда математика ва астрономия илмини кучли тараққий этишда муҳим рол ўйнаган.

Қишлоқ хўжалигининг асоси бўлган йирик канал ва суғориш иншоотлари қурилиши, гўзал шаҳар, сарой ва бошқа меъморий қурилишлар ҳам математика, геометрия, топография илмларининг ривож топишини талаб этади.

Ноёб заргарлик буюмлари ва рангдор тасвирий санъат намунала- ри бу ерда кимё ва минерология илмларининг юқори даражада бўлганли- гидан гувоҳлик беради. Хоразмликларнинг хорижий мамлакатлар билан олиб борган савдо ва маданий алоқалари география, картография ва этнография илмларининг эртаданоқ тараққий этишга таъсир кўрсатди. Демак Хоразмда қадимданоқ аник ва гуманитар илмларнинг яратилиши ва ривожланиши учун моддий ва маънавий замин мавжуд бўлган.

Хоразм Маъмун Академиясининг шаклланиши ва тараққий қилишида юқоридаги омиллардан ташқари антик юнон олимларининг асарлари ҳамда IX асрда Боғдоддаги «Байт-ул хикма»да фаолият кўрсатган элдошимиз Мухаммад ал-Хоразмий, Ахмад ал-Фарғоний, Ахмад ал-Марвазий, Аббос ал-Жавхарий каби олимларнинг илмий кашфиётлари ҳам мухим рол ўйнайди.

Дархақиқат, Муҳаммад ал-Хоразмий (783—850) «Байт- ул-ҳикма» нинг етакчи олими, илмий рахбари, фанда янги йўналиш ва мактаб яратган алломаларидан эди. У астрономия, математика, география, тарих ва бошқа фанлар сохасида ўнлаб асарлар мерос қолдирган. Унинг «Ал – жабр вал-муқобола» китоби жаҳонда биринчи бўлиб алгебра фанига асос бўлган асарлардандир. Олим математика фанида ўнлик позицион хисоблаш системасини яратди. Шу асосда у қўшиш, айириш, кўпайти- риш ва бўлиш амалиётининг қулай ва осон йўлларини кашф этиб, Шарқ ва Европани илғор ҳисоблаш тизимига ўргатди. Ал-Хоразмий «Зижи Хоразмий» асари билан фан оламида биринчи астрономик жадвални яратган олимдир. Мазкур илмий марказнинг таниқли олими Ахмад ал-Фарғоний (787—861) нинг астрономия, математика, механика илмлари сохасидаги хизматлари беқиёсдир. У Шарқда биринчи бўлиб астрономик асбоблар ихтирочиси сифатида танилди. Ўзи ихтиро қилган астрономик асбоблар ёрдамида бир мингдан ортиқ юлдузларнинг жойлашуви, харакати хақида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирди. Айни вақтда у Шарқда илк бор математик география илмига асос солган олимлардандир.

Ахмад ал-Марвазий ва Абул Вафо Бўзжонийлар (IXаср) бўлса ясси ва сферик тригонометрия сохаларида улкан ютуқларга эришдилар. Улар тригонометрия фанига биринчи бўлиб тангенс ва котангенс тушунчаларини киритдилар. Ушбу илмий жамоанинг етук олимларидан яна бири Аббос ибн Сайид ал-Жавҳарий (IXаср) ўзининг «Зиж», «Қуёшнинг Ер марказидан масофалари ҳақида рисола», «Евклид „Негизлари“ китобига тўлдириш» ва бошқа асарлари билан астрономия фанини янги кашфиётлар билан бойитди.

Берунийнинг гувохлик беришича IX – Xасрларда Ўрта Осиёнинг бир қатор шаҳарларида Бухоро, Самарқанд, Марв, Кот ва Гурганжда кўплаб нодир қўлёзма асарларни ўзига жамлаган ўнлаб кутубхоналар юзага келган бўлиб, улар ўз даврининг нуфузли маданият марказлари саналган. Марвда масжид қошидаги қадимги кутубхонада 12 мингдан ортиқ турли фанларга доир китоблар бўлган. Шунингдек, Беруний Ўрта Осиёнинг юқоридаги каби шаҳарларида бунёд этилган расадхоналарда олимлар мунтазам равишда астрономик кузатишлар олиб борганлик- лари ҳақида маълумот беради. Жумладан, Муҳаммад ибн Исҳоқ ас- Сераҳсий Сераҳсдаги, Абу Маъшар ал-Балхий Балхдаги, Мансур ибн Талха Марвдаги, Абу Наср ибн Ироқ Кот шаҳридаги расадхоналарда ана шундай тадқиқот ишларини ўтказганлар.

Мухтасар қилиб айтганда IX – XIII асрларда Шарқда юз берган маданий уйғониш бутун Ўрта Осиё, Хоразм, Эрон, Хуросон, араб мамлакатлари Хиндистон хатто қадимги Юнонистон ва Италиянинг юксак илмий-маданий меросига бориб тақалганлиги маълум. Хоразм Маъмун академияси ана шу бой илмий меросдан ижодий фойдаланди, улар яратган илмий ғояларни ўз тадқиқотлари ва кашфиётлари билан янада бойитиб энг юксак поғонага кўтаришга муваффақ бўлдилар.

А Д А Б И Ё Т Л А Р:


1. Каримов И. А. «Тарихий хотирасиз келажак йўқ.» Тошкент. 1998.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хоразм Маъмун академиясини қайтадан ташкил этиш тўғрисида»ги фармони. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1997 йил 17 ноябр.

3. Ўзбекитон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорлари. «Халқ сўзи», 2004 йил 10 ноябр.

4. А. Садуллаев, А. Сотликов, «Хоразм Маъмун академиясининг тарихий илдизлари.» Урганч, 2003.

5. Садуллаев А., Сотликов А. Хоразм Маъмун академияси: ташкил топиши ва фаолияти. Урганч, 2005.

6. Хайруллаев М. «Буюк истеъдод сохиблари.» Тошкент, 2002.